«Telegram» канал

Қашқадарёда мактаб ўқувчисини калтаклаган собиқ депутат 3 млн сўм жаримага тортилди

14:16, 01.02.23
1 691

Қашқадарё вилоятининг Қамаши туманида мактаб ўқувчиси депутат ва унинг ўғиллари томонидан ўласи қилиб калтакланган эди. Кейинчалик бу ҳолатга Бош прокуратура томонидан эътибор қаратилиб, мактаб ўқувчисини калтаклаган депутат воқеаси бўйича терговга қадар текширув бошланганини маълум бўлди. Калтакланган ўқувчининг отаси Бахтиёр Қиличевнинг манбага билдиришича, собиқ депутатнинг қилмиши судда кўриб чиқилган.

Айтилишича, мактаб ўқувчисига кучини кўрсатган собиқ депутат ва унинг ўғли ишини дастлаб 2023-йилнинг 7-январ куни Жиноят ишлари бўйича Қамаши туман суди кўриб чиққан.

Суд ҳукмига кўра, ярим тунда қизининг олдига келган мактаб ўқувчисини ушлаб олган ота — Ш.Н. болани уриб, унга тан жароҳати етказгани учун суд томонидан базавий ҳисоблаш миқдорининг икки баравари, 600 минг сўм миқдоридаги жаримага тортилган. Қизнинг бобоси, собиқ депутат Панжи Нуртоев эса қилмиши учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 баравари яъни 3 миллион сўм миқдоридаги жарима билан “сийланган”.

Дастлабки суд қароридан норози бўлган жабрланувчининг онаси Дилафрўз Чориева Жиноят ишлари бўйича Қашқадарё вилоят судига шикоят қилиб, собиқ депутат ва унинг ўғлига мактаб ўқувчисини калтаклагани ва уларни ҳақоратлагани учун оғирроқ жазо сўраган.

Қашқадарё вилоят суди Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати 2023-йилнинг 17-январ куни апелляцияни кўриб чиқиб, дастлабки суд ҳайъати чиқарган қарорни адолатли деб баҳолаган. Ҳамда шикоятни қаноатлантирмаган ва қарорни ўзгаришсиз қолдирган.

Мактаб ўқувчисини калтаклаган собиқ депутат мазкур вазиятни ўрганишга уринган ва депутат билан суҳбатлашган “Дарё” журналистини ҳам ҳақорат қилган эди. Мазкур ҳолат юзасидан Бош прокуратурага мурожаат қилинган. Бироқ, орадан икки ой вақт ўтса-да мазкур мурожаатга жавоб бўлмади.

Манба: Daryo.uz